[go: nahoru, domu]

Jump to content

Тива

From Vikipediya
байроқ

Тива (Тува), Тива РеспубликасиРоссия Федерацияси таркибидаги республика. Осиё марказида, Шарқий Сибир жанубида жойлашган. Майдони 170,5 минг км². Аҳолиси 305,5 минг киши (2002). Пойтахти – Кизил ш. Маъмурий жиҳатдан 16 туман, 5 шаҳар, 2 шаҳарчага бўлинади.[1]

Давлат тузуми

[edit | edit source]

Тива – республика. Давлат бошлиғи – президент. Крнун чиқарувчи ҳокимиятни Олий хурал (парламент), ижрочи хокимиятни президент бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати

[edit | edit source]

Тива тоғли мамлакат (бутун ҳудуднинг 82% тоғлардан иборат). Марказий ва ғарбий қисмларидаги Ғарбий Саян, Олтой, ТаннуОла тоғ тизмалари ва Шарқий Тува тоғлари оралиғида Тува сойлиги бор. Жануби-ғарбдаги МонгунТайга массиви – республиканинг энг баланд жойи (3970 м), Шарқда Шарқий Саян жануби-ғарбий ён бағирлари, Тожин сойлиги, Шарқий Тува ва Сангилен тоғликлари жойлашган. Фойдали қазилмалари: тошкўмир, рангли ва нодир металл, темир рудалари, асбест, кобалт, олтин, симоб, бинокорлик материаллари ва бошқа Иклими кескин континентал, қиши совуқ, шимолий сойликларда қор кам ёғади, тоғда ёз илиқ, сойликларда иссиқ. Январнинг ўртача темпатураси –28° дан –35° гача, июлда 15–20°. Йиллик ёғин сойликларда 150–400 мм, тоғли жойларда 400–600 мм дан 800–1000 мм гача, ёзи серёғин. Ҳамма дарёлари Енисейт қуйилади. Унинг 2 ирмоғи – Катта Енисей (БийХем) ва Кичик Енисей (КаХем) Тивадан бошланади. Жанубий дан оқиб ўтадиган ТесХем дарёси УбсуНур кўлига қуйилади. Улар катта гидроэнергия захирасига эга. Тожин сойлигида Тожин, Ноёнхўл, Манихўл ва бошқа кўллар, минерал булоклар бор. Сойликлардаги қизғиш, қўнғир тупроқларда дашт ўсимликлари, тоғ ён бағирларидаги кулранг ўрмон ва подзоллашган тупроқларда тилоғоч, кедр, қарағай, арча ўсади. Ҳаммаси бўлиб 8,5 млн. гектар ўрмон бор. Даштларда тулки, бўри, тоғли тайгаларда собол, сувсар, буғу, қунғир айиқ, силовсин, баланд тоғларда тоғ эчкиси ва бошқа ҳайвонлар яшайди. Тива ҳудудида Азас, Убсунур сойлиги қўриқхоналари ташкил этилган.

Аҳолиси

[edit | edit source]

Тива, рус, хакас ва бошқа яшайди. Давлат тили – тива тили; рус тили республика ҳудудида умум федерал давлат тили ҳисобланади. Шаҳар аҳолиси 51,7%. Диндорлар ламаизмга эътиқод қилади. Шаҳарлари: Қизил, Шагонар, Чадан, Оқ Довурак.

Тарихи

[edit | edit source]

Тива ҳудудида юқори палеолит даврига мансуб археология ёдгорликлари топилган. Мил. ав. 2-асрнинг охиридан мил. 12-асргача бўлган узоқ давр мобайнида Тива ҳудуди турли кабила ва давлатлар, жумладан, Турк ва Уйғур хоқонликлари, Енисей қирғизлари давлати ҳукмронлиги остида бўлган. 1207-йил Тивани Чингизхон қўшинлари босиб олди; 13–14-асрларда Хитойда ҳукмронлик қилган Юан мўғул сулоласи қўл остида бўдси. 16-аср охиридан 17-асрнинг 2ярмигача Олтинхонлар ғарбий мўғул давлати таркибига киритилган. 16–17-асрларда Тивада ламаизм расмий дин сифатида қарор топди. 17-аср охирларида Тива ҳудудининг талайгина қисмини жунғарлар босиб олди. 1757–1912-йилларда Тива манжур ва хитой ҳукмдорларига қарам бўлди. Тива арат (деҳқончорвадор)ларининг миллий озодлик харакати натижасида 1912-йил чет эл ҳукмронлиги барҳам топди. 1914-йил Тива Урянхай ўлкаси номи билан Россия протекторатига айлантирилди. 1918-йил 16-мартда Тивада совет ҳокимияти ўрнатилди. 1921-йил 14-августда Таъсис хурали ТаннуТува халқ республикаси тузилганини эълон қилди, 1926-йилдан Тува Республикаси деб атала бошлади. 1944-йил 11-октабрда республика РСФСР таркибига мухтор вилоят сифатида киритилди. 1961-йил 10-октабрда мухтор республикага айлантирилди, 1991-йил октабрдан Россия Федерацияси таркибидаги Тива Республикаси расмий номини олди.

Иқтисодиёти

[edit | edit source]

Ялпи маҳсулотда саноатнинг улуши 13,5%, қишлоқ хўжалиги.ники 18,8%, курилишники 3,5 %, транспортники 2,2%, савдоники 13,1% ни ташкил этади.

Саноатининг асосий тармоқдари орасида кончилик (рангли металлар, асбест ва бошқа қазиб чиқариш) етакчи ҳисобланади. Озиқ-овқат (гўшт, сут, унёрма корхоналари), ўрмон ва ёғочсозлик корхоналари мавжуд. Бинокорлик материаллари (ғишт, темирбетон конструксиялари, деворбоп материаллар), металлсозлик, электр энергетика, машинасозлик ва енгил саноат (кўнчилик) ривожланган. Қизил иссиқлик электр стяси ишлайди. Йилига ўртача 0,1 млрд. кВцоат электр энергия ҳосил қилинади. Кўп саноат корхоналари Қизил ва Оқ Довурак ш.ларида жойлашган.

Қишлоқ хўжалигида етакчи тармоқ – чорвачилик. Салкам 2,5 млн. гектар ернинг 159,1 минг гектари (6,4%) ҳайдалади, қолган қисми пичанзор ва яйлов. Майин жунли қўйчилик, гўшцут чорвачилиги, чўчқачилик ва паррандачилик ривожланган. Йилқи, туя, эчки, буғу қадимдан боқиб келинади. Деҳқончиликда, асосан, ғалла (буғдой, арпа, сули, тариқ) ва емхашак экинлари етиштирилади. Мўйначилик ва даррандачилик муҳим аҳамиятга эга.

Транспорти

[edit | edit source]

Автомобил йўллари узунлиги – 2472 км. Қизил – Минусинск – Абакан ва Қизил – Оқ Довурак автомагистраллари республикани бошқа республикалар билан боғлайди. Катта Енисей ва Кичик Енисей дарёларида кема қатнайди, ёғоч оқизилади. Ички сув йўллари узунлиги 1000 км дан ортиқ. Қизил шаҳрида аэропорт бор. Тива четга асбест, гўшт, жун, мўйна, чарм, доридармон хом ашёси юборади.

Тиббий хизмати

[edit | edit source]

Тивада ҳар 10 минг аҳолига 36 врач тўғри келади. 10 га яқин санаторийкурорт ва дам олиш муассасаси бор (УшБелдир, Чедер курортлари ва бошқалар).

Маорифи ва илмий муассасалари

[edit | edit source]

Маорифи ва хунартехника таълими Россия Федерациясида қабул этилган тизимга мувофиқ ташкил қилинган.

163 умумий ўрта таълим мактабида 61 минг, 5 ўрта махсус ўқув юртида 3,7 минг ўқувчи, 1 олий ўқув юрти (Тива университети)да 2,8 минг талаба таълим олади. Тил тарихи ва адабиёт илмий тадқиқот институти, Россия Фанлар Академиясининг Сибир бўлими филиали, 164 кутубхона бор.

Адабиёти

[edit | edit source]

Адабиёти миллий ёзув пайдо бўлгандан (1930) кейин бой халқ шеърий ижодиёти асосида вужудга келди. 30-йилларда С. Саригоол, Б. Ховенмей, С Пюрбюларнинг илк шеърлари нашр этидди. С. Пюрбюнинг "Чечак" достони (1941) назм жанрининг дастлабки йирик асари эди. Кейинчалик С. Токанинг ҳикоя ва очерклари пайдо бўлди. А. А. Палмбах, В. Кокоол, С. Тока Тива драматургиясини яратдилар. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг С. Токанинг "Арат сўзи" трилогияси халқ ҳаётини ҳаққоний акс эттирди. Инсон руҳиятини кўрсатувчи драмалар, тарихий қиссалар босилиб чикди. О. Саганоол, С. Сюрюноол, К. Кудажа романлари, М. Кенин-Лопсан, Р. Кюнзегеш достонлари машҳур.

Меъморлиги ва тасвирий санъати

[edit | edit source]

Тива ҳудудида палеолит ва неолит даврига оид турар жойлар, неолит ва жез даврига мансуб нақшли сопол идишлар топилган. Скифлар давридан фил суяги ва жездан ясалган ҳайвон ҳайкалчалари, ов манзаралари тасвирланган тошлар сақланган. Тивалар, асосан, кигиз ўтов ("кидисёг")ларда яшаганлар. Ўтовнинг ичи рангбаранг нақшли ёғоч сандиқ ва каравотлар билан жиҳозланган, деворларига содда геометрик накшин наматгиламлар осилган. 1940-йилдан дастгоҳ рассомлиги ва фафика тез ривожланди. Г. Л. Торлук, С. Ланза каби рассомлар, И. Салчак, Ю. Курский каби график рассомлар етишиб чикди. 20-асрнинг 2ярмидан кўчманчи аратлар ўтрокликка ўтиш билан қишлокларда ёғоч ва тошдан уйлар, мактаблар қурила бошлади. Қизил, Шагонар, Оқ Довурак ш.ларида замонавий жамоат бинолари, маданий марказлар, турар жойлар барпо этилди (Ҳукумат уйи, драма театри, университет биноси ва бошқалар).

Мусиқаси

[edit | edit source]

Мусиқа санъати қадимдан маросим ва муҳаббат қўшиқлари, лапарлар, қаҳрамонларга аталган мадҳиялардан иборат бўлган. Халқ мусиқаси ўзига хос оҳанглар, метрик ва ритмик тузилишларнинг хилмахиллиги билан ажралиб туради. Чолғу асбоблари: торликамонли допшулуур, бизаанчи, игил; чертма созлардан чадаган шанзи, шелерхомус, кулузунхомус; пуфлама созлардан мургу, шоор ва бошқа 20-асрнинг 2ярмидан анъанавий мусиқа жанрлари билан бирга кантата, симфония ва бошқа пайдо бўлди. 1936-йил мусиқали драма театрстудияси ва 1941-йил унинг қошида халқ чолғу асбоблари оркестри, 1947-йил хореография бўлими, ўша йили мусиқа мактаби, 1960-йил мусиқа билим юрти очилди. Таникли композиторлари – А. Аксёнов, А. Чиргалоол, Р. Кенденбил, Д. Хурешоол, хонандалари – К. Мунзук, Н. Олзеёол. Тивада радиотелевидениенинг симфоник оркестри (1966), филармония (1969), "Саян" ашула ва рақс ансамбли (1970), "Аян" фолклор ансамбли (1980) бор. Театри. Тива халқ ўйинлари ва фолклор асарларида, миллий маросимларида театр санъати унсурлари бўлган. 1920-йиллар ўрталарида илк ҳаваскор драма тўгараклари тузилиб, бир пардали песалар намойиш этилган. 1936-йил Кизил шаҳридаги ўқув комбинатида театр студияси очилиши профессионал театрга асос солди. Давлат бадиий театри (1940-йилдан Давлат мусиқали драма театри) очилди. 1947-йилдан миллий театр ишлай бошлади. В. Б. Оскалоол раҳбарлигидаги дорбозлар 1945-йилдан фаолият кўрсатган.

Манбалар

[edit | edit source]
  1. "Тива" ЎзМЕ. Т-ҳарфи Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил