[go: nahoru, domu]

Jump to content

Ариза (ҳуқуқ)

From Vikipediya

Ариза (ҳуқуқда) (арз) — давлат органи, суд, корхона, муассаса, ташкилотга, жамоат бирлашмаси ва кор фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органларига бирон-бир масала бўйича якка тартибда ёки жамоа бўлиб оғзаки ёхуд ёзма равишда қилинган шикоят.

Ўзбекистон Республикасининг „Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида“ Қонунида (1994-йил 6-май) ариза ҳам жисмоний, ҳам юридик шахслар томонидан берилиши мумкинлиги кўрсатилган. Қонун талабига кўра, аризаларни кўриб чиқиш ўз ваколатига кирадиган давлат органлари, жамоат бирлашмалари, уларнинг мансабдор шахслари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслари:

  • уларни ҳар томонлама, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқишлари;
  • қонунга асосланган қарорлар қабул қилишлари ва улар ижросини таъминлашлари;
  • аризаларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида фуқароларга маълум қилишлари шарт.

Аризада баён этилган талабларни қондиришнинг рад этилиши, сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма тарзда фуқарога маълум қилиниши лозим. Аризаси бўйича қабул қилинган қарор устидан фуқаролар ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Фуқароларнинг аризалари давлат органига, жамоат бирлашмасига, корхона, муассаса ва ташкилотга тушган кундан эътиборан бир ойгача муддат ичида, қўшимча ўрганишни ва текширишни талаб қилмайдиган масалалар эса 15 кундан кечиктирмай ҳал қилиниши шарт. Аризани ҳал этиш учун махсус текширувлар ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёки бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлса, тегишли орган, корхона, муассаса, ташкилот раҳбарининг ўринбосари аризани ҳал этиш муддатини, истисно тариқасида, узайтириши мумкин, бироқ бу муҳлат бир ойдан, аризани кўриб чиқиш умумий муддати 2 ойдан ошмаслиги, бу ҳақда ариза берган шахсга маълум қилиниши шарт. аризада фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва аризанинг моҳияти баён этилган бўлиши лозим. Агар ушбу маълумотлар аризада кўрсатилмаган бўлса, ундай ариза аноним хат ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди. Жиноят ҳақидаги имзосиз, қалбаки имзоли ёки уйдирма шахс номидан ёзилган ариза аноним ҳужжат ҳисобланиб, жиноят ишини қўзғатишга сабаб бўла олмайди. Ариза арз қилувчи шахс томонидан имзоланиши лозим[1].

Оғзаки аризани қабул қилган мансабдор шахс томонидан бу ҳақда баённома тузилади, унда арз қилувчи, унинг яшаш ва ишлаш жойи, шахсий ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилиши, арз қилувчи ҳужжат кўрсата олмаса, унинг шахси тўғрисидаги маълумотларни бошқа йўллар билан текшириш чораси кўрилиши керак (яна Ўзбекистон Республикаси ФПК 40 — 45, 100, 148 — 157, 159-моддаларига қ.).

Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун талабларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси МЖК 43-моддасига асосан маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган[2].

Манбалар

[edit | edit source]
  1. Ўзбекистон Республикаси ЖПК 322 — 323-модда
  2. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил