[go: nahoru, domu]

Jump to content

Фонема

From Vikipediya

Фонема (юн. пҳонема — товуш) — тил товуш қурилишининг маъноли бирликлар — морфемалар таниб олиш ва фарқлаш учун хизмат қиладиган бирлиги; ўз навбатида, морфемаларнинг энг кичик таркибий қисми сифатида сўзларни ҳам ўзаро ажратади ва фарқлайди. У фақат сўз ва морфемалар таркибидагина муайян маънога, маъно фарқлаш хусусиятига эга бўлади. Мас, ўзбек тилида к Фонемаси яқин тил орқа, портловчи жарангсиз ундош товуш бўлиб, чуқур тил орқа, сирғалувчи, жарангли ғ, лаблаб, портловчи, жарангли б Фонемаларидан фарқланади. Фонема қандайдир энг содда элемент эмас, чунки бир пайтнинг ўзида мавжуд белгилардан иборат бирликдир.

Фонеманинг белгилари фарқловчи (дифференсиал) ва фарқланмайдиган (интеграл) турларга бўлинади. Фарқловчи белгиларига кўра, Фонемалар оппозициялар (зидланишлар) ҳосил қилади. Фарқланадиган фонемалар позиция, яъни унинг ўз артикуляцияси билан аниқ талқин этиш учун қулай шароит - кучли позиция деб номланса, фарқланмайдиган фонемалар, бошқа бир Фонема билан мос тушиб қоладиган позиция, шароит кучсиз позиция деб аталади. Кучли позицияда Фонема морфема ва сўзларни фарқлаш вазифасига (семасиологик вазифага) эга бўлади, кучсиз позицияда эса Фонема бундай вазифага эга бўлмайди. Ўзбек тилида унлилар олдидан келган ундошлар кўпинча кучли позицияда (май, бола, мола, қозон, дор, гул), сўз охиридаги жарангли ва жарангсиз Фонемалар кучсиз позицияда (тоб, суд, мақсад, буғ, барг) бўлади. Кучсиз позицияда Фонеманинг турли вариантлари юзага чиқади, кучли позицияда эса унинг асосий кўриниши ўзининг барча фарқловчи белгилари билан намоён бўлади. Тафовути, фарқи биргина Фонемага таянган морфема ва сўзлар жуфтлигида Фонема айниқса аниқ билинади (қўл—сўл, чол— чал—чўл). Фонеманинг мавжудлиги ёки йўқлиги ҳам морфема ва сўзларни фарқлаши мумкин (дармон—армон, уни—унни).

Фонеманинг фарқловчи белгилари жуда хилма-хил, лекин ҳар бир тилда уларнинг тўплами чекланган бўлади. Масалан, рус тилида ундошларнинг қаттиқлик— юмшоқлик белгиси фарқловчи белги ҳисобланса, ўзбек ва франсуз тилларида бу белги деярли аҳамияциз, яъни фарқловчи белги эмас. Муайян бир Фонемани рўёбга чиқарувчи барча товушлар унинг аллофонлари (юн. аллос — бошқа ва ...фон - товуш) дейилади. Улар Фонеманинг вариантлари ўлароқ унинг асосий кўринишига ўхшамаслиги мумкин.

Ҳозирги термин маъносидаги "Фонема" тушунчаси, шунингдек, фонология назарияси биринчи марта 19-асрнинг 70—80 йилларида рус-поляк тилшуноси Бодуэн де Куртене томонидан ишлаб чиқилган. Фонемафонология ва морфонологиянинг ўрганиш обектидир.

Адабиётлар[edit | edit source]

  • Трубецкой Н. С., Основи фонологии, М., 1960;
  • Ҳозирги ўзбек адабий тили, лқисм, Т., 1980;ж
  • Реформацкий А.А., Введение в язиковедение, М., 1998.

Абдуваҳоб Мадвалиев, Ибодулла Мирзаев.